Суратга олиш майдонида йиғлаган Канизага Отабек Муталхўжаевнинг қандай алоқаси бор?

Сана: 19.08.2014 4097

Ёзнинг сўнгги ойида суратга олиниши бошланган янги фильмда хонандалар Отабек Муталхўжаев ҳамда Каниза бош ролларни ижро этишмоқда. 

Бу икки хонанда нафақат қўшиқ куйлаш маҳорати билан, балки бир қатор фильмлардаги иштроки билан ҳам ўз иқтидорини намойиш эта олишган.


Ҳозирча номи сир тутилаётган ва ҳаётий воқеалар акс этган мазкур фильмга Равшан Усмонов режиссёрлик қилмоқда. Ёш режиссёрнинг илк иши бўлишига қарамай, ўз ишига маъсулият билан ёндашаётганини суратга олиш майдончасидаги актёрлар ҳам эътибордан қолдиришмади.

 


Каниза:
- Режиссёримиз ёш бўлса-да, талабчан ва ўз ишига пухта экан. Аввалига тажрибали режиссёрларга нисбатан бўлган ҳадик билан қарамагандик, аммо иш жараёнида у ўзининг тиришқоқлиги ва ҳамма билан тил топишиб кетиши билан жамоада ўз ўрнига эга эканини исботлади. Образимга тўхталадиган бўлсам, севган инсони деб ўз ота уйини тарк этган қизни акс эттирганман.

 

Ҳамма сирни олдиндан айтолмайман, лекин айтишим мумкин бу ролни ижро этишда умуман қийналмадим. Аввал ҳам фильмда суратга тушган бўлсам-да, ички қўрқув ва ҳаяжон бўларди. Бироқ бу сафар мутлақо эркин ҳаракатда суратга тушдим. Ҳатто мени осонлик билан йиғлатишди.


Отабек Муталҳўжаев:
- Фильмда суратга тушиш мен учун жуда қизиқ бўлди. Мен яратган қаҳрамон йигит Ёдгор ҳаётда турли қийинчиликларга дуч келади. Ота-онаси ва севган ёри, қолаверса бошқалар билан муаммоли вазиятларга тўқнаш келиб, анча кўргуликларни бошидан кечиради. Ҳаёт синовларига дош беришида унинг иродаси мустаҳкамлиги, яхшиликка бўлган ишончи юқори эканлиги ёрдам беради. Фильмда акс этган воқеалар кўплаб ёшларга ўрнак бўла олади.


Фильмда бир қатор ёш актёрлар билан бирга устоз актёрлар ҳам иштрок этишганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актёрлар Муяссар Бегимқулова, Хожиакбар Комилов ва Ботир Муҳаммаджоновлар фильм суратга олиш вақтида ёш актёрларга ўз маслаҳатлари билан кўмаклашдилар.

 

 

 


Яна бир неча кунлардан сўнг суратга олиш ишлари тугаб, монтаж ва овозлаштириш жараёнига ўтадиган бу фильм ҳақидаги янги маълумотларни сайтимиз орқали кузатиб боринг.

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol