2013 ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ КИНОФИЛЬМЛАР ТОП 5 ТАЛИГИ

Сана: 28.12.2013 4140

Сўнгги йилларда ўзбек кино саноати тез суръатларда ривожланиб бораётган соҳалардан ҳисобланади. Биз сизга 2013-йил давомида юртимиз кинотеатрларида энг томошабинбоп бўлган фильмлар рейтингини тақдим этамиз.

Аслида 2013-йил давомида 50 дан зиёд ўзбек фильмлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Рейтингимиз 5 поғонали бўлиб, 5-ўриндаги кинофильм билан таништиришдан бошлаймиз. 

 

5-ўрин. Шерали Исломовнинг “Ақл ва юрак” фильми рўйхатимизни очиб беради. Ушбу картинада бош ролларни ҳонандалар Улуғбек Раҳматуллаев ва Муниса Ризаева, шунингдек актёрлар Зарина Низомутдинова ва Алишер Узоқовлар ижро этишган. Бу фильм пойтахтимиз кинотеатрларида 3 ой давомида намойиш этилган бўлиб, шу вақт давомида 46 мингга яқин томошабин ушбу картинани томоша қилиш учун кинотеатрларга ташриф буюрган. 

 

4-ўринни Акбар Бектурдиевнинг “Сенсиз” номли фильми жой олди. Картинада бош ролларда Дилноза Кубаева, Ёқуб Аҳмедов ва Алишер Узоқовни кўриш мумкин. Бу фильм кинотеатрларимизда 2 ой мобайнида намойиш этилган бўлиб, томошабинлар сони тахминан 70 минг нафарни ташкил этди. 

 

Рейтингимизнинг 3-қаторидан комедик жанрдаги “Замонавий совчилар-2” фильми жой олди. Бош ролларни Алишер Узоқов, Зарина Низомитдинова ва Муҳаммадисо Абдулхаиров ижро этган ушбу картина кинотеатрларимиз экранларини 2 ой давомида банд этиб турди. Ана шу вақт давомида кинотеатрларга ўртача 79 минг нафар томошабин ташриф буюрган. 

 

2-ўрин Дилноза Кубаева ижро этган фильм қаҳрамони вафотидан кейинги воқеалар акс этган “Фарзандим-2” картинасига насиб этди. Фильм учун саундтрек Гулсанам Мамазоитова томонидан ижро этилган бўлиб, бош ролларни Адиз Ражабов, Саида Раметова, Саида Саибекова, Убайдулла Омон каби машҳур актёрлар ижро этишган. Элёр Ҳошимов фильми экранларда 3-4 ой мобайнида намойиш этилиб, бу вақт оралиғида пойтахтимиз кинотеатрларида деярли 82 мингта томошабин йигди

 

Ва ниҳоят, 1-ўрин. Кинотеатрларда 3 ой мобайнида 106 мингдан зиёд томошабинни ўзига жалб қилган “Пайшанбадан пайшанбагача” фильми рейтингимизда етакчилик қилиб, 2013-йилнинг энг томошабинбоп картинасига айланди. Жавлон Шодмонов ва Отабек Мирзаҳолов режиссёрлигидаги мазкур кўплаб томошабинлар томонидан ҲАҚИҚИЙ КОМЕДИЯ дея эътироф этилган картинада Муҳаммадисо Абдулҳаиров, Шукрулло Исроилов, Зарина Низомитдинова бош ролларни ижро этишган.

 

 

2013-йил ҳар жиҳатдан режиссёрларимиз ва актёрларимиз учун сермазмун йил бўлди десак адашмаган бўламиз. Янги 2014-йил ҳам барча ижодкорларга омад олиб келсин! Дастурларимизни кузатиб борсангиз, ҳар ойги рейтинг натижаларидан ҳам хабардор бўласиз. Батафсил маълумотларни эса popcorn.uz сайтидан олишингиз мумкин. Янги йил муборак бўлсин!  

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol