“Юрак қақшар сизни эсласам...” Нафрат фильми ижодкорлари билан премьера олдидан сухбат

Сана: 09.09.2014 3210

“Юрак қақшар сизни эсласам...” Бу “Нафрат” фильмига тегишли шиор бўлиб, фильмнинг мазмунини очиб берувчи сўзлардир.Янги фильм тақдимоти барчани қизиқтириши табиий ҳол.Қандай мазмундаги фильм, қайси актёр ва актрисалар роль ижро этган, ҳар доим такрорланган мавзудаги кинолар қаторидан жой оладими ёки томошабин эътиборини тортадими каби саволлар кино мухлисларини қизиқтиради.

 Бугун ана шундай саволларга жавоб топишни истаганлар учун “Ўзбегим таронаси” радиосига янги “Нафрат” кинофильми ижодкорлари таклиф этилди. 
Режиссёр Дурдона Тўлаганова, оператор Шерзод Умаров, бош роль ижрочилари Санжар Маткаримов ҳамда Суғдиёна Азимовадан иборат ижодий жамоа билан Дилмурод Ғуломов суҳбат уюштирди.
Клипмейкер-режиссёр сифатида танилган Санжар Маткаримовни бош ролда кўриш бироз ажаблантиргани боис Дилмурод Ғуломов Дурдона Тўлагановадан нима учун айнан бу икки ижодкорни асосий ролга таклиф этганлиги ҳақида сўради. 
Дурдона Тўлаганова:
- Санжар ҳам, Суғдиёна ҳам аслида актёрлар эмас, лекин мен фильмимдаги образда уларни кўра олдим ва бу икки инсон топширилган ролни ижро этишни уддасидан чиқишига ишондим. Иккиси ҳам ишончимни оқлашди, дея оламан. 

Суғдиёна Азимова:
- Менга Санжар Маткаримов билан партнёр бўлишимни айтишганида аввалига бироз ҳайрон бўлдим. Чунки, мен уларни клипмейкер сифатида таниганман ва бир неча бор бирга ишлаганмиз. Суратга олиш жараёнида эса менга кўп жиҳатдан ёрдам бердилар ва улардан билмаганларимни ўргандим.

Санжар Маткаримов:
- Фильмнинг асосий мазмунини очиб беролмасак-да, шуни айтишим мумкинки, фильм аёл тақдири, оиланинг муқаддаслиги, ота-она, фарзандлар ўртасидаги муносабатлар ва муҳаббат ҳақида. Уни томоша қилган томошабиннинг ҳар бири ўзига керакли тарбиявий хулоса олади, деб ўйлайман. 

Суҳбат қизғин давом этаркан кино ижодкорлари бошловчининг фильм мазмуни ҳақидаги саволларига тўлиқ жавоб беролмасликларини айтиб, мухлисларни кинотеатрга чорлаб қолишди.  
 Фильм қанчалар томошабинлар эътиборини тортади ва қай даражада кассабоп фильмлар қаторига киради, буни вақт кўрсатади. 
  

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol