Июнь-июль ойининг энг яхши кинофильмлар рейтинги

Сана: 14.08.2014 1644 қайноқ

Ёз мавсуми бошида юртимиз кино мухлислари учун бир қатор янги ўзбек фильмлари экран юзини кўрди. Шу йил июнь – июль ойида пойтахтимиздаги кинотеатрларда етакчи бўлган картиналар рейтингини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Мазкур топ-5 таликни тузишда кинотеатрда сотилган чипталарнинг сони эътиборга олинганлигини яна бир эслатиб ўтамиз. 

 

Демак, 5-ўрин Май ойида премьера қилинган “Муҳаббатимсан” фильмига насиб этди. Дурдона Тўлаганова ва Жонрид Саъдиев режиссёрлигида тасвирга олинган картинага 2 ой давомида 9 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрган. Ҳаётий воқеаларга асосланган фильмда бош ролларни Али Отажонов ва Ситора Олимжонова ижро этишган. Картина ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар, икки ёш қалб эгсининг турмуш ҳаёти ҳақида. 

Рейтингимизнинг 4-поғонасини “Севги, балки бу жаннат” номли романтик фильм эгаллади. Рустам Саъдиев режиссёрлигидаги мазкур картина таъсирчан кадрлари билан томошабин олқишига сазовор бўла олди. 13 мингдан зиёд томошабин мазкур кинофильмдан кинотеатрларда томоша қилишга улгурган. Севгининг қадри гўзал тасвирлар орқали акс эттирилган фильмда бош ролларни Юлдуз Ражабова ва Йигитали Мамажонов ижро этишган. 

Энг яхши фильмлар рўйхатимизнинг қоқ маркази, яъни 3-ўрин “Юрак йиғлар” картинасига насиб этди. Муҳаббат учбурчаги, ғурур ва инсоний фазилатлар тўқнаш келган кинофильмдан деярли 17 минг томошабин баҳраманд бўлган. Бу кўрсаткичдан келиб чиққан ҳолда, ижодкорлар Сарвар ва Комилнинг илк кино иши омадли ўтди дейиш мумкин. 

Рейтингимизнинг 2-қаторидан “Нафс” картинаси ўрин эгаллади. Кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган мазкур картинада эстрадамизнинг энг кўзга кўринган таниқли вакиллари Шаҳзода, Муниса Ризаева, Жаҳонгир Позилжонов, актёрлардан Фарруҳ Соипов, Улуғбек Қодиров, Шаҳзода Матчонова, Умид Искандаров каби ижодкорларнинг иштирок этгани фильмнинг томошабинбоп бўлганини тасдиқлайди. Инсоннинг нафси ва қалби ўртасидаги ўзаро кураш рамзий маънода қаҳрамонлар ҳаракати билан тасвирланган картинани томоша қилиш учун кинотеатрга июнь-июль ойида деярли 23 минг томошабин ташриф буюрган. 

Ниҳоят, 1-ўрин! Бу ўрин комедия жанрида суратга олинган “Онам билмасин” картинасига насиб этди. Маиший мавзудаги ва ҳаётий воқеалар асосида тасвирга олинган фильмда бош ролларни бир қатор маҳоратли актёлар иштирок этган. Ўз ўрнида қўлланилган хазиллар ва қизиқарли тасвирлар томошабинлар эътиборини тортган бўлса ажаб эмас. Ёзнинг илк икки ойи мобайнида Жаҳонгир Аҳмедов режиссёрлигидаги мазкур картинага 31 мингтадан зиёд чипталар сотилгани ҳам буни тасдиқлайди. 

Дарвоқе, Жума, Шанба, Якшанба кунлари 19:10 да FM 101 тўлқини орқали “Сinema parad” дастурида “2014 йил март ойининг энг яхши кинофильмлар ТОП 5 талиги” ҳақида батафсил билиб олишингиз мумкин.

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol