Нилуфар тантанасини Жаҳонгир Позилжонов билан давом эттирди

Сана: 26.05.2014 3560 қайноқ

Хонанда Нилуфар “Тантанам мани” қўшиғи мухлислар томонидан хамон севиб тингланади. Эндиликда мазкур таронанинг давоми ҳам ижро этилди. 

“Яна тантана” дея ном олган қўшиқ дуэт тарзида куйланиб, ижрочилар Нилуфар ва Жаҳонгир Позилжонов мазкур дуэтнинг премьераси учун “Ўзбегим таронаси” радиосига ташриф буюришди. Тарона янграшидан аввал Жаҳонгир Позилжонов билан суҳбат уюштирилди. Кўплаб мухлислар қизиқтирган саволларига етарлича жавоб ола олдилар. Шу ўринда айтиш керак, қўшиқ матни ва мусиқа муаллифи Элдор Қаюмов бўлиб, аранжировкасини Ботир Алиев тайёрлаган. Премьера тақдим этилишидан бир неча дақиқа аввал студияга кириб келган Нилуфарнинг овози радиода янграши биланоқ тингловчиларнинг ҳам кайфиятлари кўтарилиб, эфирга сим қоққан мухлислар сони тинмади. Қўшиқ радиода илк марта жаранг сочганидан сўнг, радиога қўнғироқ қилиб боғланган тингловчилар тасаннолар айтиб, таронага “шўх ва рақсбоп” дея таъриф беришди. 

Суҳбат жараёнида мазкур дуэтга видеоклип суратга олиш ҳам режалаштирилгани маълум бўлди. Ҳозирча клип ғояси ва ким билан ҳамкорлик қилиниши ҳақида аниқ қарор қилинмаган бўлса-да, бу клип ҳар қандай инсоннинг ҳам кайфиятини кўтаришга хизмат қилиши аниқ. Таронанинг ўзи шўх ва матнида ҳам бироз ҳазиломуз жумлалар қўлланилган, Жаҳонгир Позилжонов билан куйланганлиги эса ижод намунасининг қувноқлигини янада оширишини мухлислар яхши билишади. 

Видеоклип ҳақида албатта, биринчилардан хабар берамиз. Ҳозирча эса Нилуфар ва Жаҳонгир Позилжонов ижросидаги янги “Яна тантана” дуэтини сайтимиз орқали тингланг ва жазирама ёз ҳароратини ҳис қилинг. 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol