Премьера: Нилуфар Усмонова - “Дадасини қизи”

Сана: 26.02.2017 4131 қайноқ

Премьера: Нилуфар Усмонова -  “Дадасини қизи”

Юқоридаги сарлавҳа эътиборингизни дарров тортгани тайин. “Бу сўзларнинг Нилуфар Усмоновага қандай боғлиқлик томони бор экан?”-деб ўйлаётгандирсиз. Тўғри тахмин қилдингиз. “Дадасини  қизи” - бу хонанданинг навбатдаги ижод маҳсулларидан биридир. Келинг, аввалига қўшиқнинг яралиш тарихига назар солсак.

Маълумки, Нилуфар Усмонова ижтимоий тармоқларда жуда фаол. У бу тармоқлардан шунчакигина фойдаланмайди. Мухлислари билан мулоқотлар, турли танловлар ўтказиб боради. 2015-йил август ойида хонанда Twitter.com ижтимоий тармоғи орқали шеърият бўйича танлов эълон қилади. Танлов шартига кўра, унинг кузатувчилари, хонандага ўз битикларини тақдим этишлари керак эди. Мана шу танлов доирасида бир мухлис, Кореада меҳнат қилаётган инсоннинг ўз қизига атаб ёзган шеърини юборади. Омадни қарангки, мана шу шеър Нилуфар Усмонованинг эътиборини тортади ва у мазкур танловда ғолибликни қўлга киритади. Шундан сўнг  хонанда ғолиб билан боғланиб, шу шеърни қўшиқ қилиб ижро қилиш ниятида эканини ва муаллифнинг рухсати кераклиги айтади. Муаллиф ҳам бу таклифдан боши кўкка етиб, рози бўлади. Хонанда дарҳол ишга киришиб, 2015-йилнинг ўзидаёқ қўшиқни яратади. Бироқ маълум бир сабабларга кўра таронани омма учун 2017-йилнинг бошида тақдим этишни режалаштиришади. Вақти-соати билан қишнинг сўнгги кунларида, баҳор фасли арафасида мазкур қўшиқ премьера қилинмоқда.

“Бу шеърни биринчи марта ўқиганимда кўз ўнгимда ўзим гавдаланганман.  Яъни 1, 2, 3 ёшли Нилуфар  дадаси билан боғлана олмаган.  Бувим ва аямнинг айтишларича, дадамни жуда ҳам яхши кўрганман. Ҳаттоки, соғиниб касал бўлиб қолганман. Шу шеърни ўқиб, ўзимни, дадамни тасаввур қилганман. Шунинг учун ҳам дарҳол қўшиқ қилиб куйлашга киришганман. Бугунги кунда, тўртинчи бора она бўлиш арафасида  ушбу ижод маҳсулимни халқимизга намойиш қиладиган кун экан, ўйлайманки, қўшиқ барчага манзур келади. Таронани ҳар бир ота тинглаганда, ўзини номидан қизалоғига ижро қилгандек, меҳри-муҳаббати ошади. Соғинчи янада ортади ” – дейди хонанда сайтимизга берган маълумотига қўшимча қилиб.

Маълумотларга қараганда, қўшиқ учун видеоклип тасвирга олиш ишлари бошлаб юборилган. Клип Сарвар Исаев ва Рустам Муродов билан ҳамкорликда яратилмоқда. Матн муаллифи Навзод Ҳамро. Мазкур шеърни Жасур Абдураҳмонов куйга солиб, сайқаллаган.

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol