“ОНАМ БИЛМАСИН” ФИЛЬМИ ИЖОДКОРЛАРИ МЕҲМОН БЎЛИШДИ

Сана: 01.05.2014 4379

“Ўзбегим таронаси” радиосида 1 май куни соат 13:20 дан 14:00 га қадар Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Онам билмасин” фильмида бош ролларни ижро этган Наргиза Салмонова ҳамда Шерзод Бин меҳмон бўлишди.  

Аслида 13:00 да студия эшиклари олдида шай бўлишларини ваъда қилган кино юлдузлари анчагина ушланиб қолишганлиги сабабли кечишганлигини таъкидлади. Бошловчи Рано Алимова эса ҳазил тариқасида, “Лифтда қамалиб қолдингизлар-ку, биз амаллаб олиб чиқдик?!” десалар бўладими. Хуллас қизғин суҳбат бироз кечроқ бошлансада, янаям қизиқарли тусга кириб давом этди. 

Ёш ва таниқли актёр Шерзод Бин танқид хусусида гапирар экан “instagram.com” сайтидаги баъзи бир гап-сўзлардан бироз жаҳли чиқиб, хафа бўлганлигини айтди. Унинг айтишча, санъаткорга фақат пул керак эмас, аксинча озгина бўлса ҳам эътибор. Шунинг ўзи кифоя...

Айни пайтда кўплаб фильмларда ўзининг истеъдодини намоён этаётган актриса Наргиза Салмонова “Онам билмасин” фильми хусусида гапириб берди. Тўлқинланиб гапиришича, Жаҳонгир Аҳмедов ҳар доим янги ғоялар устида ишлар экан унинг фильмида суратга тушган ёш ижодкор ниманидир ўрганади. Ўзига янги бир қиррани кашф этади. 

Эслатиб ўтамиз, картинада бош ролларни Матёқуб Матжонов, Саида Раметова, Наргиза Солмонова, Шерзод Бин, Шаҳзода Муҳаммедова ҳамда Асқар Ҳикматовлар маҳорат билан ижро этишган. Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, шу кунга қадар Жаҳонгир Аҳмедовнинг деярли барча фильмлари тезда халқ орасида оммалашиб кетган.

Иккала ёш ижодкор маълум дақиқалар мобайнида фильм ҳақида кўплаб манбаларни айтиб ўтишди. Бир сўз билан айтганда суҳбат мазмунли ва қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Айниқса, бошловчининг “Агар ўзгартириш керак бўлса, фильмнинг нимасига ўзгартириш киритар эдингизлар?” деган саволига “Биз ҳали Жаҳонгир Аҳмедовнинг ижодига ўзгартириш киритиш даражасида етук эмасмиз...” дея жавоб қайтаргани бу икки юлдузда манманлик эмас, аксинча камтарлик устун эканлигини яна бир карра намоён этди. 

Дарвоқе, мазкур фильмни интиқлик билан кутаётганлар учун экслюзив маълумот: 2 май куни соат 18:00 да “Алишер Навоий” номли кино саройида “Онам билмасин” фильмининг ёпиқ премьераси бўлиб ўтади. 3 майдан бошлаб барча кинотеатрларда мазкур фильмнинг намойишига старт берилади.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol