Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муборак бўлсин!

Сана: 31.08.2016 3196 қайноқ

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муборак бўлсин!

Азиз юртдошлар, Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги барчамизга муборак бўлсин. Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Меҳмондўст, бағрикенг диёримизда ҳотиржамлик ва тинчлик ҳамиша барқарор бўлсин. Байрам муборак!

–Аллоҳ Ер юзини тақсимлаганда
Ўзбекка тегмаган Ердан, –дейдилар, –
–Яйрасин, –деб шу эл боғу чаманда
Аршдан бир кафт тупроқ берган, – дейдилар.
Зуваласи Аршдан
Қутлуғ ошён бу–
Ўзбекистон бу!

Шу боис тиллолар ниҳон қаърида,
Бу ернинг тупроғин ҳар мисқоли зар.
Тўрт фасл ризқу рўз қайнар бағрида
Одамнинг жонидан бошқаси унар.
Худо ёрлақаган
Жаннатмакон бу–
Ўзбекистон бу!

Боқсам воқиф бўлгум яна бир сирдан,
Ҳақ ўзи яратиб,
Ўзи суйгандир.
–Пайҳон этолмасин, – деб ёвлар
Гирдин
Дарё,
Тоғлар билан ўраб қўйгандир
Пўлатдан мустаҳкам
Қалъа, қўрғон бу–
Ўзбекистон бу!

Асли илк одам ҳам биздан, – деб хаёл
Айласам ҳеч кимса инкор қилмагай:
“Фергантроп” сўзи бунга нақд мисол.
Айтинг, бу фикрга ким қўшилмагай?!
Илк Одам яралган
Доя майдон бу –
Ўзбекистон бу!

Момо Ҳаво янглиғ ҳаволарим бор,
Бекларга ҳақиқий бекалик қилган.
Дунёга оталик айлаб ихтиёр,
Қарийб Ер шарига эгалик қилган.
Дунёда тенги йук
Соҳибқирон бу–
Ўзбекистон бу!

Ўз ўрнин қидириб,
Ризқини териб
Ўзлигин топгунча қон–зардоб ютган,
Кўрган ёқасига осилавериб,
Охири ёқасиз яктакка ўтган.
Дарди юз минг йиллар
Ичра ниҳон бу–
Ўзбекистон бу!

Тақдири азалнинг битик-хатида
Шу ойдин қисмат бор бундан кўнгил тўқ:
Дунёнинг бирон бир мамлакатида
Номига бек сўзи қўшилган халқ йўқ.
Беклик ҳеч бир халқда
Йўқ бир унвон бу–
Ўзбекистон бу!

Биз яшар заминни дерлар: Осиё
Тегирмон–сўзидан олинган бу сўз.
Балки боболар илк тегирмон барпо
Айлаб бу ҳудудда улашган ризқ–рўз.
Дунёда яралган
Илк тегирмон бу–
Ўзбекистон бу!

Навоий бобомга таъзимда олам,
Шеър ила ўзбекнинг донғи кетгандир.
Қуёш нури етмас овлоқларга ҳам
Ўзи етмаса–да сўзи етгандир.
Шеърият мулкида шоҳ бу,
Султон бу–
Ўзбекистон бу!

Ҳакимбек алплиги оламга аён
Забтида тўқсон алп шашти мужассам
Тўмарис довруғин айласам достон
Таъзимга келарди Жанна д’Арк ҳам.
Мардлар ичра асл
Марди майдон бу–
Ўзбекистон бу!

Аллоҳ
Ҳурлик бўлсин, — дея
Йўлдоши,
Бизни тўғри йўлга
Неча бор солди.
Уюшмадик.
Худо берган Юртбоши
Бизларни ҳамжиҳат халқ эта олди.
Соҳибқирон руҳли
Жасур сарбон бу–
Ўзбекистон бу!

Писандмас машаққат тўла синовлар,
Ғолиб халқ ҳеч қачон чарчамас, толмас.
Пўшт, ҳей! Йўллардаги тўсиқлар–ғовлар,
Хақиқат йўлини ҳеч куч тўсолмас!
Катта йўлга чиққан
Катта карвон бу–
Ўзбекистон бу!

Дерлар:
–Оққан дарё оқаверади,
Бизга қисмат кулиб боқа бошлади:
Ҳурлик нашъаси–ла тўлиб сарҳади
Тамом янги дарё оқа бошлади.
Дарёмас,
И С Т И Қ Л О Л
Номли уммон бу –
Ўзбекистон бу!

Даврлар келади,
Йиллар келади,
Ушалар дилдаги орзулар бари.
Дунёда ҳали кўп ўрганилади
Ўзбек давлатчилик тамойиллари.
Аждодлар сурмаган
Давру даврон бу–
Ўзбекистон бу!

Буюк манзилларда кўрганда ўзни
Тилларда янграгай шўх қўшиқ–ялла
Ва дилдан отилган шу қутлуғ сўзни
Дунё ҳам бизга жўр айтар баралла:
Кўҳна бу жаҳонда
Янги жаҳон бу–
Ўзбекистон бу!

 

Зиёвиддин Мансуров

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol