МАРТ ОЙИНИНГ ЭНГ ЯХШИ КИНОФИЛЬМЛАР ТОП 5 ТАЛИГИ

Сана: 16.04.2014 4229

Март ойи кино олами учун омадли келди. Боиси бир неча фильмларнинг кетма-кет премьералари бўлиб ўтди.
 

Томошабинлар диққат-эътиборида бўлган картиналар қаторидан жой олган 2014 йил март ойи давомида энг кўп томоша қилинган фильмларнинг ТОП-5 талигини эътиборингизга ҳавола этамиз. Дарвоқе, рейтинг энг кўп томошабинларни йиққанлиги ҳисобга олинган ҳолда тузилди. 


5-ўрин: Азамат Аҳроров режиссёрлигида суратга олинган “Гуноҳ” фильми кучли бешталигимизнинг дастлабки поғонасидан жой олди. Фильм трагедик драма жанрида суратга олинган. Унинг воқеалари ҳам таъсирли, уни кўрган томошабин чуқур ўйга толади. Картинада Улуғбек Қодиров, Бобур Йўлдошов каби актёрларни ҳам кўришингиз мумкин.   


4-ўрин: Бу гал ҳам мазкур ўринни Рустам Садиев режиссёрлигида суратга олинган “Эркатой” картинаси банд этган. Мазкур фильмда Улуғбек Қодиров бош ролни ижро этган. Эслатиб ўтамиз, фильм 2014 йилнинг 24 январидан бошлаб томошабинлар эътиборига ҳавола этиляпти.

 

3-ўрин: Рейтингимизнинг қоқ марказини Жавлон Шодмоновнинг “Замонавий совчилар-3” фильми эгаллади. Жавлон Шодмонов, Қобил Самигов ҳамда Жасур Шодмоновлар сценарийси асосида яратилган мазкур фильм ҳам аввалгилари сингари комедия жанрида суратга олинган. “Замонавий совчилар-3” фильмида бош ролларни Муҳаммадисо Абдулҳаиров, Убайдулло Омон, Муяссар Бердиқулова, Наргиза Абдуллаева каби истеъдодли актёрларимиз ижро этишган.

 
2-ўрин: Элмира Хасанова сценарийси асосида, Фаррух Соипов режиссёрлигида суратга олинган “Нафс” фильми иккинчи ўринни банд этди. Мазкур фильм март ойи охиридан тақдим этиб келинмоқда. Картинада Фаррух Соипов, таниқли хонанда Шахзода,  Улуғбек Қодиров, Муниса Ризаеваларнинг маҳоратидан баҳраманд бўласиз. Шунингдек, “Божалар” гуруҳи хонандаси Жаҳонгир Позилжонов, Умид Искандаров, Шаҳзода Матчонова, хонанда Рухшонани ҳам кўришингиз мумкин бўлади. 

Ниҳоят 1-ўрин: “Кўргим келади” картинаси ўз ўрнини ҳеч қайси фильмга бўшатиб бергани йўқ.  “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси асосида “Ўзбекфильм” киностудиясида тасвирга олинган “Кўргим келади” бадиий  фильми энг кўп томошабинларни залга йиғишда давом этмоқда. Мазкур кинокартинани дебют сифатида ёш режиссёр Жавоҳир Қосимов суратга олган. Ролларда:  Дилноза Кубаева, Ҳусан Жўраев, Мубина Назирбоева, Сайёра Юнусова, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Ёқуб Аҳмедов, Ўткир Муҳаммадхўжаев, Зуҳра Солиева, Отабек Маҳкамов ва бошқалар. Фильм таъсирчан кадрларга ниҳоятда бойлиги билан қадрлидир.

 

Дарвоқе, Жума, Шанба, Якшанба кунлари 19:10 да FM 101 тўлқини орқали “Сinema parad” дастурида “2014 йил март ойининг энг яхши кинофильмлар ТОП 5 талиги” ҳақида батафсил билиб олишингиз мумкин.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol