Улуғбек Раҳматуллаевнинг концерти ўзгача ўтадими?

Сана: 24.10.2013 4857

Улуғбек Раҳматуллаевнинг концерти билан қизиқаётган мухлисларимиз жуда кўп. Бирор янгилик бўладими? Жонли ижродан бахра оламизми? Янги қўшиқлар куйланадими? Хуллас, саволлар тинимсиз. Саволларингизга жавоб олишингиз учун эътиборин

гизга хонанда билан бўлиб ўтган интервьюни хавола этамиз.

Концерт дастурингизга ҳам оз фурсат қолди. Тайёргарлик авжида. Кўпчилик хонандалар концертим бошқаларникидан ажралиб турсин, одамларнинг эсида қоладиган бўлсин дея турли янгиликлар ўйлаб топишга ҳаракат қилади. Айтингчи, бу галги концертингизга ўзгача ёндашдингизми? Умуман нималар кутиляпти?

Ҳабарингиз бўлса концертим икки кун 27- 28 октябрь саналарида бўлиши керак эди. Қарангки, чипталар олдиндан  харид этилибди.  Муҳлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, концертимга  яна бир кун қўшдик. Баъзи бир техник сабабларга кўра концерт 28, 29 ва 31 октябрь кунлари бўлиб ўтади. 27 октябрьга бўлган чипталарни харид этганлар 31 октябрда бемалол ташриф буюришлари мумкин.

Антиқа дастур билан ҳаммани лол қолдираман, менда энг қиммат декорация бўлади, менда унутилмас шоу томоша бўлади деган тушунча билан концерт ўтказмаяпман. Қачон концерт ўтказасиз?  - деган саволлар кўп берилди. Мухлисларнинг илтимосларидан келиб чиқиб, шу қарорга келдим. Уларни  жуда соғинганман. Мақсад, мен учун қадрли бўлган инсонлар билан дийдорлашув.

Саҳна кўринишига келсак, уни замонга мос равишда безатяпман. Бошловчилик вазифасини ҳар доимгидек ўзим бажараман. Бу менинг имиджим бўлиб қолган. Бу сафар қўшиқлар матнига катта эътибор бердим. Улар ҳаётий қалб кечинмаларига бой. Дарвоқе, концертда ўнта янги қўшиқнинг премъераси бўлади. Ҳали бунақаси бўлмаган. Эҳтимол, бир вақтда 10та қўшиқни тинглаб, уларни “хазм” қилиш осон кечмас, аммо мен  қўшиқларимни тушунишингиз учун , албатта, уларнинг матнига эътибор бериишингизни илтимос қилардим. Тароналардаги сўзлар қалбимга жуда яқин. Концертда яна  ранг- баранг рақслардан ҳам баҳраманд бўлишингиз мумкин.

 

Аввалги интервьюларингизнинг бирида “Мен ҳали қўшиқни жонли ижро этишга тайёр эмасман” - деган эдингиз.  Тажриба орттиришга етарлича вақт ўтди деб ўйлаймиз. Ҳозир жонли равишда қўшиқ куйлашга тайёрмисиз?

Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчи эдим, концертимда бир нечта қўшиқларни жонли  ижро этиш ниятим бор. “Жонли ижрога тайёр эмасман”,-  деб мен Истиқлол санъат саройини назарда тутган эдим.  Чунки у ерда ҳаяжон кучлилигидан баъзида жонли куйлаш у ёқда турсин, ҳатто, фонограммани ҳам эплаб куйлаш қийинроқ кечади. Тўй -ҳашамларда, кичик давраларда ҳозирги кунда қўшиқларни бемалол  жонли куйлаб, ижод қиляпман. Сабаби, мен истагандек маҳоратли созандалардан иборат ижодий гуруҳим  ташкил  этилди. Қўшиқларни кўнглимиздагидек яратяпмиз. Лекин Истиқлол санъат саройида жонли ижродаги концерт ўтказаман,  дейишга ҳали шошилмай тураман. Ҳаммасини аста- секинлик билан ўз вақти - соати билан албатта амалга ошираман.

Деярли ҳар бир видеоклипингиз ўзига ҳослиги, ажойиб ғоялари, ёқимлилиги билан ажралиб туради. Тез фурсатда эътиборни тортиб, қалблардан алоҳида жой эгаллайди. Уларга қай даражада ўз ҳиссангизни қўшасиз?

Ҳар бир яратаётган ижод маҳсулим мен учун катта аҳамият касб этади. Қаҳрамонларнинг либослари, мусиқа, матн, ҳаммаси устида бош қотираман. Клипларимдаги 50- 60 фоиз ғояни ўзим ўйлаб топаман ва ҳеч қачон барча юмушни клипмейкернинг зиммасига буткул юклатиб қўймайман. Ҳар доим биргаликда ўзимга мос ва ҳос бўлган янгилик яратишга ҳаракат қиламиз. Ижодга қалбан ёндошаман, балки шунинг учун ҳам баъзи клипларим олқишларга сазовор бўлгандир.

Машҳур ҳинд актёри Шоҳруххон интервьюларидан бирида “Бир кун келиб, одамлар мени кўчада танимай қолишидан қўрқаман”, - деб айтган эди. Сизда ҳам шу хавотир бўладими?

Тўғрисини айтаман, мен мени кўчада танишлари учун ижод қилмайман. Ижодкор  қўшиқ, клип яратганидан кейин, уни кўчада танишлари табиий ҳол. Таниқли бўлиш ҳозирги кунда қийин эмас, назаримда севимли бўлиш қийин. Мени кўчада танимай қолишларидан эмас, балки севмай қўйишларидан қўрқаман. Кўчадаги одамларнинг бир оғизгина  “Ўғлим қўшиқларингиз менга ёқади” ёки “Дўстим жуда зўр қўшиқ яратяпсан, қойил!”,- деган сўзлари мен учун жуда муҳим. Одамларнинг меҳрини ҳис этиб туришни истайман. Баъзи бир санъаткорлар, ҳаётларида бирор қийинчилик бўлди дегунча, масалан кимдир кимдирни ташлаб кетди, ишлари  орқага кетди дейлик, бу ҳақида газетага чиқариб, ўзини бечорадай кўрсатиб, мухлислар эътиборини тортишга ҳаракат қилади. Менимча,  санъаткор шахсий муаммоларни кўрсатмай, ҳар бир қоқилганини оммага ёймай, ўзининг мушкулотида бировни айбламай, ҳаётдан завқланиб, яхшиликка интилиб яшаса ҳалқнинг назаридан қолмайди.

Ҳаётимизда содир бўлган бирор бахтсизликни, дилхираликни  вақт ўтганидан кейин аслида у тенгсиз бахт эканини англаб етамиз. Ҳаётингиздаги қайси ҳодиса, вазият ҳақида шундай деб айтоласиз?

Яхшиямки, 2003 йилдан 2009 йилгача менинг қўшиқларим ҳозирги кунгидай оммалашиб кетмаган экан. Чунки у пайтларда дунёқарашим, тушунчаларим бутунлай бошқача бўлган. Ҳозиргидан катта фарқ қилади. Бугунги машҳурлик ўша йилларда берилганида  менимча ўзимни йўқотиб, одамларни менсимай, юлдузлик касалига учраб, кўпгина яқинларимни йўқотиб, ўзимни синдириб қўйган бўлардим. Кўпчилик мени ўша пайт уринишлари зое кетди, мана ҳозир омади келди деб ўйлаши мумкин, лекин аслида у пайтларда омадим келмагани менинг омадим экан. У кунларга қараганда ҳозир кўп нарсани тушуниб олганман, ҳар бир ишимга масъулият билан ёндошаман ва бир  лаҳзанинг ўзида ҳаммасини йўқотиб қўйишим мумкин эканини ҳис этиб яшайман.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol