Нилуфар Усмонова чапани халқига бўлган меҳрини қўшиққа муҳрлади

Сана: 04.04.2014 1955 қайноқ

Яқинда эстрадамизнинг гўзал ва самимий вакиласи Нилуфар Усмонова она Ватанимиз, қолаверса, халқимиз, миллатимизга бўлган муҳаббати мадҳ этилган янги “Чапанигинам ўзбегим” номли таронани тақдим этгандик. Бугун эса мазкур қўшиққа видеоклип суратга олиш ишлари олиб борилди. 

Бундан хабар топгач, ижодий жамоамиз билан суратга олиш майдончасига дарҳол етиб бордик. 

Видеоклип пойтахтимиздаги амалий санъат музейида олиб борилди. Трек йўналишида суратга олинган видеоклип тарона каби миллийлигимизни, халқимизнинг характерини, турмуш тарзини ифодалайди. Нилуфар Усмонова билан танаффус вақтида суҳбатлашганимизда, аслида бу қўшиқ унинг учун жуда қадрли эканлигини, ўзининг дилидаги бор меҳрини ана шу тарона орқали баён этишини, туғилиб ўсган Ватанига нисбатан фахр туйғуси билан яшашини ва чин маънода дилидаги самимий изҳорлари битилган санъат асари эканлигини таъкидлаб ўтди. 

Нилуфар Усмонова: 

“Ўзбек миллатини бугун ҳамма билади, ҳамма танийди. Хатто Ўзбекистонда яшайдиган, бироқ бошқа миллат вакилларини ҳам биламанки, ўзбек миллатига, бизнинг урф-одатларимизга, миллийлигимизга тан беришади ва ўзларини шу юртда яшаётганликлари учун ҳам ўзбек дея атайди. Ҳақиқаттан ҳам халқимиз жуда содда, меҳмондўст, чапани. Бизнинг ҳар биримизда ана шу чапанилик бор. Шу жиҳатимиз билан ҳам бошқалардан ажралиб турамиз. Бу қўшиғимни онам ёзиб бердилар, бироқ аслида менинг қалбимдаги Ватанимизга бўлган муҳаббатимни барибир борича акс эттира олмадик назаримда. Шундай бўлса-да, айтишим керак, бу қўшиқ шунчаки навбатдаги ижод намунаси эмас, мен учун чин дилдан, юрагимдан ва бор меҳримни берган қўшиғим ҳисобланади. Клип суратга оляпмиз, клипда асосан ўзбек халқимизни одатий турмуш тарзини кўрсатишни ният қилганмиз.”

Мазкур видеоклипда Нилуфар Усмонова 2 хил кўринишда намоён бўлади. Яқин 10 кунлар ичида тайёр бўлиши кутилаётган видеоклип тайёр ҳолга келгач, албатта биринчилардан бўлиб сайтимиз орқали баҳраманд бўласиз. 

Қўшиқ ҳақида бир неча фактларни эътиборингизга ҳавола этишни лозим деб топдик.

Демак, мазкур қўшиқ аслида Нилуфар Усмонова ижодидаги илк миллий руҳдаги тарона ҳисобланади. Бундан ташқари, аранжировкачи Жасур Абдураҳмонов ҳам ижоди давомида биринчи марта бундай миллий мусиқани яратган экан. Мусиқасини яратиш вақтида ўзбек миллий чолғу асбоблари жонли равишда ижро этилган. Шахсан Нилуфар Усмонова ва Юлдуз Усмонова қўшиқнинг мукаммал равишда яратилишида бош-қош бўлишган. 

Сайтимизни кузатиб борсангиз, яқин кунларда бугунги суратга олиш жараёнининг самарасидан баҳраманд бўласиз. 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol