Лола - "Жоним айт" янги тарона премьераси

Сана: 03.04.2014 6783 қайноқ

Бугун 3-апрель куни “Ўзбегим Таронаси” радиосида ҳамда сайтимизда узоқ кутилган таронанинг премьераси тақдим этилмоқда. 

Ёқимли овози ҳамда юракка яқин тароналари билан кўпчиликнинг дилидан жой олган латофатли Лола янги “Жоним айт” номли ижод намунасини тақдим этди. Илк бора мазкур тарона Лоланинг январь ойида ўтказилган концерт дастурида жаранг сочганди. Ўшандаёқ бу қўшиқ кўплаб мухлисларнинг қалбига таъсир қилганлигини ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар ва изоҳлар орқали билиш мумкин.  

Лоланинг қалб дунёсини англаб етган мухлис унинг учун ҳар бир тарона юракдан ижро этилганини ва унда рамзий маъно яширин эканлигини билиши табиий. Навбатдаги таронанинг илк наволари янграши биланоқ инсон ўзини бироз романтик оламга тушиб қолгандай ҳис қилади. 

Юраги муҳаббатга тўла ошиқ Лайли тилидан ижро этилган қўшиқда қиз ўз севгисини ошкор айтишга андиша қила туриб, оҳиста “Борманми юрагингда?” дея савол билан мурожаат этади. 

Жоним айт, борманми ҳаёлингда?

Борманми юрагингда, борманми ҳаётингда? 

Жоним айт...

Латофатли ва нафис Лола бу таронани яратишда Нигина Набиева ҳамда аранжировкачи Жасур Абдураҳмонов билан ҳамкорлик қилди.

"Ўзбегим Таронаси" радиосида "Премьера" лойиҳаси давом этаётган вақтда студияга кутилмаганда Лоланинг ташриф буюриши барчага янада юқори кайфият бағишлади.  
Бошловчи Дилмурод Ғуломов тезкорлик билан Лолани суҳбатга чорлаб, тўғридан-тўғри эфир орқали тингловчиларнинг янги қўшиқ ҳақидаги фикрларини қабул қилди. Мухлислар тарона ҳар жиҳатдан уларга маъқул келганини билдириб, бир зумда юракларидан жой олганини айтишди ва яна бир бора таронани тақдим этишни сўрашди.

Фурсатдан фойдаланган Дилмурод Ғуломов СМС марказ орқали қабул қилинган хабарлардаги саволлар билан мурожаат этишни бошлади. "Айтишларича, Лола яқин орада Россиянинг машҳур ҳонандаларидан бири Дима Билан билан биргаликда дуэт куйлар экан, шу гап ростми?" деган савол Лолани бироз ҳайрон қолдирди ва табассум билан бу гап ёлғон эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, аслида Дима Билан мухлиси эмаслигини ҳам қўшимча қилди. Дилмурод Ғуломов ҳам бунга жавобан "Балки Дима Билан сизнинг мухлисингиздир?!" дея жавоб қайтаргани барчага қувноқ кайфият бағишлади. Ана шундай юқори кайфият ила олиб борилган суҳбат жараёни сўнггида Лола барча тингловчиларга дилидаги энг самимий тилакларини билдирди. 

Тез кунларда эса мазкур таронага клип суратга олиш ишлари ҳам бошланади. маҳоратли клипмейкер Ёдгор Носиров томонидан суратга олинадиган клипда комедик сюжет гувоҳига айланишингиз мумкин. Батафсил маълумотларни албатта, биринчилар қаторида сайтимиз орқали билиб оласиз! 

Сиз ҳам мазкур таронани сайтимиз орқали тинглаб, баҳо бериш имкониятига эгасиз! 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol