“Хато ёхуд Фирибгар ошиқ”

Сана: 17.02.2016 3519 қайноқ

“Хато ёхуд Фирибгар ошиқ”

Маҳоратли кинорежиссёр Бурхон Шаропов навбатдаги фильми устида иш олиб бораётгани ҳақида сайтимиз орқали маълум қилган эдик. “Хато ёхуд Фирибгар ошиқ” номли бу картинанинг сценарий муаллифи Бурҳон Шаропов ҳамда Наргиза Зокирова. Бош тасвирчи Ориф Рахимбоев.  Картина драма жанрида бўлиб, ҳозирги кунда ёшлар ўртасида долзарб бўлиб бораётган мавзулар, муаммолар кўтарилган. Уларнинг тарбияси, оиладаги, жамиятдаги ўрни, ота-оналари билан муносабати кўрсатилган. Шунингдек, бугунги кунда барчамизнинг ҳаётимизга кириб келган ва бир бўлагимизга айланиб улгурган ижтимоий тармоқларнинг фойдали ва зарарли томонларини ёритиб ўтишга ҳаракат қилинган.  Қолаверса Режиссёр ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда янги чеҳраларни ҳам кашф этади. Тан олиш керакки, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг маҳорат ва қирраларини халққа кўрсатиб, актёр ва актриса сифатида кашф этишни фақатгина ўзига ишонган режиссёрларгина бажара олади. 

“Хато ёхуд Фирибгар ошиқ”

Узоқ вақт давомида яратилган фильм ҳақида режиссёр Бурҳон Шароповнинг ўзи қуйидагича фикр билдирди.

-Ёшлар доимо катта авлод тажрибасидан фойдаланишга эҳтиёж сезадилар. Ҳар қандай техник тараққиёт ўзи билан қатор муаммоларни ҳам олиб келади. Ёшларимизни ана шу муаммолар гирдобидан ҳимоя қилиш, руҳан ва жисмонан соғлом шакллантириш долзарб вазифа ҳисобланади. Санъатнинг барча турлари ана шу йўлда хизмат қилмоғи шарт. Санъат санъат учун эмас, санъат тарбия учун деган шиорни ўртага ташлаш фурсати етди. “Хато ёхуд Фирибгар ошиқ” деб номланган янги драматик фильм худди шундай долзарб мавзуга бағишланган. Фильм қаҳрамонларидан бири Рустам оилавий аҳволи ёмон бўлгани боис, ёшлиги ва ҳаётий тажрибаси камлиги учун бир қатор хатолар қилади. Аммо вақт ўтиши билан, катта авлод вакилларининг таъсири туфайли, Давлатимиз Қонунларининг адолатли принциплари натижасида ўз хатоларини ўз вақтида англаб етади ва уларни тузатади. Фильм ёшлар маънавий дунёсини англаш, интернет муаммоларига таҳлилий ва танқидий ёндошиш, ўзаро муносабатларда чалғимаслик ва яна кўплаб ахлоқий, инсоний, маънавий масалаларни ёритишга хизмат қилади.

Мазкур фильм кино ихлосмандларини бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Чунки картинанинг ўз юки бор. Унинг мавзуси ва ғояси ёш-у кичикни қизифтириши аниқ. Унда бош ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Отабоев, Учқун Тиллаев,  Меҳриддин Раҳматов, Шоҳида Узоқова, шунингдек ёш актёрлар Беҳруз Тоҳиров, Фарруҳ Мирзаев, Гавҳар Ортиқова ва Рустам Насриддиновлар ижро этишган. Демак, тез кунда фильм намойишини кутамиз. Картина ижодкорларига омад тилаб қоламиз. 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol