Рашид Ҳоликов билан эксклюзив интервью

Сана: 17.08.2015 5306 қайноқ

Рашид Ҳоликов билан эксклюзив интервью

Маъноли, мазмунли, барчага бирдек ёқадиган, савияси баланд қўшиқларни яратиш осон эмас. Бу йўлдаги машаққатни фақат ижодкор билади. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам ана шундай қўшиқлар ижрочиси, уни 7 ёшдан 70 ёшгача тинглашади. Бундан 25 йил олдин куйлаган тароналари ҳам, бугунги кунда ижро қилганлари ҳам мухлислар тилидан тушмайди. Уни халқ яхши кўради, сабаби у фақат ҳалқи учун ижод қилади, изланади...

Рашид Ҳоликов билан эксклюзив интервью

  • Авваламбор ассалому алайкум, сизни кўриб турганимиздан жуда хурсандмиз.
  • Ваалайкум ассалом. Мен ҳам сизни кўриб турганимдан мамнунман. 
  • Бугунги суҳбатимизни айни дамда ижодингизда рўй бераётган янгиликлардан бошласак...
  • Ижодий янгиликлар тўғрисида гапирадиган бўлсам, мана бугун янги "тандирдан узилган қайноққина" бир таронамиз тайёр бўлди. Сўзининг ҳам, мусиқасининг ҳам муаллифи ўзимман. “Маликам” деб номланган бу қўшиқ “Шаҳзод” ансамбли илк бор 1991-йил тузилганда, биринчи бўлиб ёзилган композиция ҳисобланади. Бугунги кунда биз уни ремикс турини ёздик. Янгича сайқаллар бериб, тарона устида ишладик. Бу ижод маҳсули “Шаҳзод” ансамблини танитган тарона бўлиб, ўша пайтда 18-20 ёшида бизни тинглаб, қўллаб-қувватлаган ёшлар, бугун 40-45 ёшида ҳам эшитиб жудаям хурсанд бўлишади, ўзларини ёшликка қайтгандек ҳис қилишади деб ўйлайман. Қўшиқ тез кунда “Ўзбегим таронаси” радиоси орқали мухлислар эътиборига ҳавола этилади. Шунингдек, бу композицияга видеоклип суратга олишни режалаштирганмиз. Яқин кунларда тасвирга олиш ишларини ҳам бошлаб юборамиз. Бундан ташқари, композитор Шухрат Зокиров, Саидумар Имомхўжаев билан 4-5 та янги қўшиқлар устида ишлаяпмиз. Бундан буёғига кетма-кет премьераларни мухлисларимизга тақдим этаверамиз. Орада 1,5 йил, ҳатто ундан ҳам кўпроқ танаффус бўлди. Соғлиғим билан бироз муаммоларга дуч келдим. Мана ҳозир ҳаммаси ортда қолди ва янгича шижоат ва янги нафас билан ижодимизни бошлаб олдик. Янги расмий сайтимиз ҳам ишга тушди. Бир сўз билан айтганда, инсонни ҳаётига баҳор фасли келганидек, бизнинг ҳам ижодимизга яна баҳор келди. Ижод қилиш учун худди ёшлар каби қонимиз қайнамоқда. Янгича иштиёқ билан, ҳеч кимни ҳаёлига келмаган қўшиқларни халқимизга тақдим қилишни истаяпмиз ва буни устида катта иш олиб бормоқдамиз.
  • Рашид Ҳоликов билан эксклюзив интервью

  • Сизларни илк бор танитган қўшиқ халқимиз қалбидан муносиб жой олиб улгурган. Сизнингча бу таронани янгича талқини 40-45 ёшли мухлисларга биринчиси каби манзур келармикан? Ёшларимизгачи?
  • “Шаҳзод” ансамбли аввалдан 7 ёшдан 70 ёшгача ёқадиган гуруҳ. Бир нарсани ҳар доим айтиб ўтганман, ҳозир ҳам айтаман, бир санъаткор ҳаммага бирдек ёқмайди. Кафтингиздаги бармоқлар ҳам бир хил эмас. Кимгадир ёқасиз, кимгадир йўқ. Бироқ шу билан санъаткорнинг умри узоқ бўлади. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, мана 25 йилдан буён саҳнадаман. Агарда альбом чиқмасидан олдин ҳисобласак 27 йил бўлди. Бу вақт инсон ҳаётида кичик муддат эмас. Бу давр ичида мен жуда кўп кузатдим, ўргандим. Шунақа қўшиқлар бўладики, лов этиб ёнадида, ҳаммага ёқади. Лекин унинг умри қисқа бўлиб қолади. Бир қўшиғингиз ёқмаса, балки кейингиси ёқиб қолар. Бироқ “Маликам” таронасига келадиган бўлсак, шундай яратилганки, бугунги ёшларимизга ҳам ўша пайтдаги ёшларга ёққани каби манзур келади. Ва албатта биз билан тенгдош бўлган мухлислармизга ҳам. Чунки биз ҳар томонлама ўйлаб, енгил мусиқий сайқал бердик. Қўшиқни қайта куйлаганимизда ҳам ўша давр нафасини сақлаб қолган ҳолда, бугунги кун билан уйғунлаштирдик. Тарона шахсан ўзимга ёқди. Ўзимга ёққан қўшиқлар ҳар доим мухлисларимиз қалбидан муносиб жой эгаллаган. “Шаҳзод” ансамбли ҳеч қачон йилига 10-15 та қўшиқ ёзмаган. Лекин битта тарона ёзса ҳам ўз мухлисларини топган. Шу сабаб, 25 йил давомида ижод қилиб келмоқдамиз.
  • 25 йил давомида саҳнадасиз. Айтганингиздек бу катта муддат. Ижод йўли 3 -4 йилга етмайдиган хонандаларимиз ҳам бор. Бу бугунги кун ижодкорлари ичида жуда кўп учрамоқда. 25 йил давомида ижодингиз яшамоқда. Тўхтаб қолгани йўқ. Халқимиз орасида “Шаҳзод” ансамблига талаб ҳам етарлича. Айтингчи бу мувафаққиятингизнинг сири нимада?
  • Авваламбор бугунги ёшларимизга мана шу ижод йўлини тилайман. Агар ҳозир ёзиладиган қўшиқларимиз яна 25 йилдан кейин тингланса 2040 йил бўлар экан. Мен бундай инсонларни жуда бахтли деб ҳисоблайман. Мувафаққиятга еришишнинг сирига келадиган бўлсак, бу жуда оддий.  Ўз соҳасини севиш керак. Сон учун эмас, сифат учун ишлаш зарур. Ҳаётингизда бир вақт бўладики, кўнглингиз яйрарди. Мана шу пайтда чиройли ғоя туғилади. Буни чин дилдан ёзиб, устида ишланса барчага манзур келадиган асар дунёга келади. Чин дилдан меҳр бериб ёзилган қўшиқнинг ҳам, ижодкорнинг ҳам санъатдаги умри узоқ бўлади.
  • Рашид Ҳоликов билан эксклюзив интервью

  • Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам қўшиқларингизни тинглаб катта бўлганман. Ҳар қандай байрам-у тантаналар “Эй, азиз юртим” қўшиғингизсиз ўтмас эди. Ана шу таронангизни ҳам янгича талқинда тақдим этиш ниятингиз борми? Бу қўшиқни мен каби бошқалар ҳам соғинган бўлса ажаб эмас.
  • Биласизми, сиз ҳозир мени кўнглимдагиларни ўқияпсиз. Бундай дейишимга сабаб, яқиндагина Ёшлар ижодиёти марказида Ўзбекистон бўйича энг яхши истеъдодли ўқувчилар ва талабалар иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Шу қўшиқни концерт сўнгида куйладик. Биласизми, саҳнани соғинибман. Қўшиқ куйлаганимда ҳатто кўзимга ёш келди. Сабаби, шу ёшлар ҳозир 17-18 ёш бўлса, гуруҳимиз тузилганида ҳали дунёга келмаган эди. Шунга қарамай, саҳнага чиққанимда ҳамма ўрнидан туриб, қўшиқ тугагунга қадар бирга куйлашди. Мен учун бу кутилмаган ҳол эди. Шу пайт ҳаёлимдан “бу қўшиқнинг даври энди келгандир” деган ўй ўтди. Тўғри, аввал яратилганидаёқ халқимизга ёққан. Бироқ, ҳозирги ҳолатда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ яхши кўришди. Ватанимизга бўлган муҳаббатини концерт давомида шу қўшиқ орқали ифода этишди. Бугунги кунда шу таронамизни ҳам қайта куйладик. Яқин кунларда тайёр бўлади ва янгича талқинда мухлисларимизга ҳавола этамиз.
  • Балки мустақиллик тантаналарида шу қўшиқ билан сизни яна саҳнада кўрармиз...
  • Бажонудил. Жудаям хурсанд бўлар эдим. Инсоннинг бошида ҳар хол савдолар бўлар экан. Бироз соғлиғим билан боғлиқ муаммолар атрофга тарқалди. Ҳаттоки, шифохонада ётган ҳолимда ҳам мухлисларимни, халқимизни тинчлантириш учун суҳбатлар қилдик. Шундан сўнг шов-шувли гап-сўзлар камайди. Мана Оллоҳга шукур яна халқимиз хизматидаман. Ижод қиляпман.
  • Рашид Ҳоликов билан эксклюзив интервью

  • Ҳар бир ижод маҳсулингизда ўзига хослик бор. Бирови бошқасини такрорламайди. Ҳеч ким кутмаган тарона ёки видеоклипларни тақдим этасиз. Бу алоҳида ёндашувми, услубми? Балки, ижодий ҳамкорларингизга бўлган талабчанлигингиздандир?
  • Кам, лекин жойида қўшиқ яратиш учун жудаям талабчанман. 1998 йил “Ўйнайсан” деб номланган қўшиғимизга видеоклипини бошидан охиригача нафақат Тошкентда, бутун Ўрта Осиёда десам адашмайман, биринчи бўлиб компьютер графикасида суратга олганмиз. Бугунги кунда техника ривожланган. 18 йил олдин компьютер техникаси бугунгидек эмасди. Битта клипимиз 4-5 ойда тайёр бўларди. Лекин моддий томонига келадиган бўлсак, катта маблағ сарфлаганмиз. Бошқаларнинг гап сўзига қарамай мухлисларим шуни кўриши керак деб компьютер графикасида ишланган клипимни тақдим этганман. Йилига концерт бермасам-да қизиқарли, савияси баланд ва ноодатий клиплар устида ишлашни ёқтираман. Сайтимизга жойлаштирилган видеоклипларни кўрган ҳар бир мухлис ҳаёти давомидаги хотираларини эслайди. Болаликка қайтади. Бундан жуда хурсандман.
  • Ўзининг қўшиқлари билан мухлислар эътиборини торта олмаётган ёш хонандалар устоз санъаткорларнинг ижодига мурожаат қилиб, диққатни жалб этишга уринишмоқда. Буни эшитганлар орасида “яхши айтибди”, “шундай яхши қўшиқни хароб қилибди” деган фикрларни гувоҳи бўламиз. Сизнинг бунга муносабатингиз қанақа?
  • Биласизми чет элда хонандалар машхур санъаткорларнинг қўшиқларини ресторанларда куйлаб кейин ўз қўшиқларини яратишган. Ресторан катта мактаб вазифасини ўтаган. Ёшларимиз устозларимизнинг қўшиқларини куйлашсин бу катта мактаб. Бундан ўзлари учун керак бўлган сабоқни олиб, келажакда ўз йўлини топиб олса нур устига аъло нур бўлади. Қўшиқ “ ўхшамай” қолган ҳолатларда шуни айтмоқчиманки, ижод бор жойда хато қилинади. Энг кераклиси, шу хатони тушуниб, тўғрилашса бу уларни “Плюс”и, агарда “Йўқ, мен зўр куйладим” деган фикрда бўлишса бу уларнинг “Минус”и бўлади. Ҳар доим одам ўзига бўлган танқидни тўғри қабул қилиш керак деб ўйлайман.
  • Рашид Ҳоликов билан эксклюзив интервью

  • Профессионал саъат тўйбоп қўшиқлар соясида қолиб кетгандек, кўпчилик тўй учун ижод қилиб, хақиқий санъатни четга суриб қўйди. Бу ҳолат санъатга кириб келган ёш хонандалар ижодида кўпроқ кузатилмоқда. Сиз бу ҳолатни қандай баҳолайсиз?
  • Бу гапингизда жон бор. Мен ҳар доим композиторларга мурожаат қилганимда қўшиғимни ҳам тўйда, ҳам кўча-кўйда, ҳам уйда ва концертда эшитишсин деб айтаман. Агар оригинал қўшиқ яратилса, сиз шу таронани ижро этмаганингизда ҳам ўзлари келиб “Шу қўшиғингизни ижро қилиб берсангиз” деб сўрашади. Тўғри, тўй – хашамлар ўзбек халқининг катта байрами. Лекин ҳозирги хонандалар биринчи яратаётган қўшиқларини тўйбоп қилиб куйлашмаса яхши бўларди. Чунки биз санъатга кириб келганимизда, пул ишлаш ҳақида ўйламаганмиз. Мухлисларимизга ёқиш учун ҳаракат қилганмиз. Ёш хонандаларимиз шундай қўшиқлар ёзишсинки, ҳам тўйда, ҳам уйда эшитишсин. Йўналишни фақат тўйга қаратиб қўйишмасин. “Бугун қўшиқ яратиб, ертага тўйга чиқиб ижро этиб пул ишлай” деган фикр хато. Хамма ҳам ҳар куни тўйга бормайди. Умуман олганда хонандаларнинг даромади тўйдан. Лекин бор йўналишни тўйга қаратиш нотўғри. Биласизми, вақти келиб халқни ўзи қўшиқларни танлаб олади. Шундай экан, ҳар хил йўналишдаги қўшиқлар устида ишлашсин, изланишсин.
  • Рашид Ҳоликов билан эксклюзив интервью

  • Қалбингиздаги сўзлар ва кутилаётган режаларингиз
  • Айтмоқчи бўлганларим шундан иборатки, мана 25 йил мобайнида халқим биланман. Озми-кўпми ўзимни мухлисим бор. Бундан жудаям хурсандман. Йилдан йилга мана ўйлаган ниятларимиз секин асталик билан амалга ошиб келмоқда. Худо хохласа 25 йиллик тўйимизни ўтказишни режа қилганмиз. Агар улгурсак, шу йилнинг охирида, бўлмаса баҳор ойида яккахон консерт дастуримизни тақдим этамиз. Аввало юртимиз тинч бўлсин. Мухлисларим соғ бўлишсин. Сизларга ҳам катта раҳмат айтиб, ижодий мувофаққиятлар тилаб қоламан.
  • Самимий суҳбат учун ташаккур, яхши тилакларингиз ўзингизга ҳам ҳамроҳ бўлсин.

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol