Сардор Раҳимхоннинг концертига тасанно!

Сана: 06.02.2014 5652

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон бугун “Истиқлол” санъат саройида ўзининг “Танҳогинам” номли концерт дастурини  муҳлисларига тақдим этди. 

 Ушбу узоқ кутилган кун ҳам томошабинларга, ҳам хонанданинг ўзига  тенгсиз қувонч бағишлади.

Мусиқа янградию  саҳнага ўрнатилган тўртта катта катта экранларда Сардор Раҳимхонинг  турли фотосуратлари кетма кет равишда  намоён бўла бошлади.  Бу расмлар хонанданинг кеча ва бугунги кунини акс этарди. Бир зумнинг ўзида унинг ютуқлари, муваффақияти, ҳаёти кўз олдимизда  гавдаланди. 


Сўнг рақоссалар бирин кетин рақс ижро эта бошладилар ва  саҳна тўрида дид билан кийинган, чеҳрасида табассум,  кўзларидан нур таралган Сардор Раҳимхон кўринди.  Хонанда қўшиқ  куйлар экан, унинг ҳар нафасида соғинч, муҳаббат, миннатдорчилик туйғулари шундоққина сезилиб турарди. Илк қўшиғини ижро этгач, барча келганларга  ташаккурларини изҳор этди.  Муҳлисларини, саҳнани нақадар соғинганлигини билдириб, 4 йилдан бери концерт ўтказа олмаслигининг сабаби кетма кет бошига ёғилган  ҳаёт синовлари эканини айтиб ўтди. 

Кейинги қўшиқларидан эса биз ижодкорнинг   муаммолар қаршисида янада матонатли, янада  иродали, кучли бўлганини  англаб етгандай бўлдик.  Абатта Сардор синадиганлардан эмас, аксинча, ўзи учун хикмат, яхшилик излайди баридан. Дарвоқе, у концерти учун қизиқ томошаларни ҳам излаб, энг яхшиларини  томошабинларга тақдим этди.  Мана масалан, Алишер Узоқовнинг  ажойиб рақси барчанинг дилига завқ бағишлади. Бу рақсни таърифлаб беролмайман, уни ўз кўзларингиз билан кўришингиз керак.

Шунингдек, хонанда интервьюларининг бирида концертида дуэт қўшиқ ижро этилишини айтиб ўтган эди, аммо ким билан  куйлашини сир тутди.  Тўғриси, кўпчилик  санъаткорлардан гумонимиз бор эди, лекин дуэтдоши Ҳалима бўлиши хаёлимизга ҳам келмаган экан.  Ҳазил мутойибага бой қўшиқ кайфиятимизни янада  баландроқ кўтарди. Ҳалимахоним  Сардорга  автомобиль совға этишини қўшиқ орқали билдирди. Ҳазил ҳазил билану, аммо ким билади балки чиндан ҳам туҳфа этар...вақт ўтаверсин билиб олаверамиз.

Сардор Раҳимхон севги муҳаббат мавзуларидан ташқари, яна қиз фарзандларга аталган қўшиғини ижро этди. Ана шу қўшиқни куйлаётганида экранларда   таниқли санъаткорларнинг болаликдаги ва ҳозирги суратлари кўринди, сўнг ижодкорнинг бир биридан ширин қизалоқларининг расмларини ҳам  томоша қилишга муваффақ бўлдик.

Хонанда бу дунёдан кўз юмган отасига бағишланган қўшиқни ижро этаётганида эса залда сув қўйгандай жимжитлик ҳукм сурарди. Сардор кўзларига қалқиган ёш билан қўшиқни куйлаб бўлдию қисқа танаффус учун саҳнани тарк этди. Шунда  анча вақтгача томошабинларнинг олқишлари тинмади. 

Танаффуслар пайтида ҳозирги кунда ижоди борасида ютуқларга эришаётган Дилсўз  бир нечта қўшиғини томошабинларга тақдим этди.

“Хасан ва Хусан триоси”нинг  кўлги бағишловчи томошаси ҳам  ёрқин таассуротлар бағишлади. Кулги кетидан яна шодлик, яъни янгича талқинда ижро этилган қўшиқлар ҳамда поппури тароналар дилларга шодлик йўллади. Концертнинг сўнгги қўшиғи жонажон Ватанимизга бўлган муҳаббат мавзусида эди. Бор меҳр билан ижро этилган қўшиқ юрак юраклардан жой олди.

 Сардор Раҳимхонинг  бу галги концерт дастури орқали унинг юрак дардидан,  шодлигидан, бахтидан бохабар бўлдик. Унинг дунёсига ғарқ бўлдик. Ҳаётининг кўгусига назар солдик. Бунчалар нозик ва шу билан бирга мустахкам иродали бу юрак... 

Ижодкор концерт дастурини ниҳоясига етказиб, барчага миннатдорчилик билдирар  экан: “Кейинги йил яна учрашгунча” сўзларини яхши ният билан тилга олди. Албатта кейинги йил ҳам ҳудди шу саҳнада, худди шу санъаткоримизни , худди шу чеҳрасининг беғубор нурлари билан кўришга муяссар бўлишни тиладик.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol