Юлдузларга ёқмайдиган саволлар

Сана: 29.06.2015 5345

Ҳар бир юлдузнинг ўзига яраша феъл-атвори бор. Кимгадир ёрқин ранглар ёқса, яна кимдир китоб ўқишни ёқтиради. Биз эса юлдузлар қандай саволларни ҳуш кўрмасликлари билан қизиқдик.

Насиба Абдуллаева:

-  Журналистлар суҳбатга таклиф этишса, аввало қандай саволлар билан мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақида сўрайман. Чунки кўпчилик журналистлар интервьюга   тайёргарликсиз келишади. Улар томонидан берилган “Саҳнага илк қадам қўйганингиз, илк куйлаган қўшиғингиз” билан бошланган саволларни ёқтирмайман. Менимча, журналист ўзи суҳбатлашадиган санъаткор ҳақида маълумотга эга бўлмасдан туриб саволлар бериши ноўрин.

Тоҳир Содиқов:

-  Мен журналистларнинг ҳамма саволларига бажонидил жавоб бераман. Ижодим ёки оилам ҳақида сўрашадими тўлиқ жавоб қайтаришга ҳаракат қиламан. Лекин, менга энг ёқимсиз бўлган саволлар ҳақида айтадиган бўлсам, “Гуруҳингиз қайси йили ташкил топган ва биринчи марта қайси қўшиқни ижро этгансиз?” Ижодим ва қўшиқларим  ҳақида билмай туриб қандай қилиб мен билан интервью қилади бу журналист, деб ўйлаб қоламан.

 

Юлдузларга ёқмайдиган саволлар

Манзура:

- Баъзи журналистлар бор, маъно-мазмунсиз саволларга кўмиб ташлашади. Миш-мишлар ёки бошқа майда гаплар билан мурожаат қилишганини ёқирмайман. Мени хонанда сифатида билишадими, демак ижодим билан қизиқишсин, қолган саволар ортиқча. Биринчи навбатда мен мухлисларим учун хонанда Манзураман.

 

Юлдузларга ёқмайдиган саволлар

Рашид Ҳолиқов:

- Қайта-қайта берилган, сийқаси чиққан саволлар ёқмайди. “Ким билан яшайсиз?”, “Бахтлимисиз?”, “Нечта фарзандингиз бор?” каби саволларни қўйиб, журналистлар шунақанги саволлар бериши керакки, биз саъаткорларни баъзан ўйлантириб, баъзан  қизиқтириб қўйиши керак. Қолаверса, интервью бераётганда ўша журналистнинг маҳоратига қойил қолайлик. Менимча журналистнинг профессионаллиги шунда кўринади.

Юлдузларга ёқмайдиган саволлар

Юлдуз Ҳамидова:

- Менга кўпинча интервью жараёнида, киномайдончада содир бўлган қизиқарли воқеаларни айтиб беришни сўрашлари ёқмайди. Чунки, суратга олиш вақтида бундай воқеалар кўп бўлади, лекин ҳаммасини интервью вақтида гапириб беришнинг имкони йўқ. Яқинда бир журналист шундай савол бериб қолди: “Нимага актёр ва актрисалар ўпишиб кўришишади, буни сизда ҳам кузатдик” Бу каби саволлар бироз ғашимни келтиради.

 

 

Фатхулла Мақсудов:

- Баъзан савол беришади: “Қайтадан дунёга келганингизда қайси касбни танлаган бўлардингиз?” Бу саволни беришни ўзи ноўрин. Чунки инсон бир марта дунёга келади ва унинг пешонасига касб-ҳунари, тақдири азали ёзилган бўлади. Агар қайта дунёга келиш эҳтимоли бўлган тақдирда, ҳозирги ақлим, қизиқишим, муносабатим, билимим қолаверса шу касбим насиб этган бўлсагина унда фаолият юритган бўлишим мумкин бўларди.

 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol