Анвар Санаевдан кетма кет туҳфалар.

Сана: 06.02.2014 3667

Муҳаббат куйчиси Анвар Санаев  “Ох дедим” номли таронасига клип суратга олганини маълум қилди.

 

Санжар Маткаримов ғояси асосида  Наримон Султонҳўжаев тасвирга туширган мазкур клипга олти ой давомида тараддуд кўрилиб, қарангки унда 100 нафар киши иштирок этган экан. Ана шунча инсоннинг қувончи жо бўлган  ижод маҳсули табиийки диққат эътиборимизни тортади. Шунингдек, хонанда тингловчиларга шодлик бағишлаш ниятида нақ 20 та қўшиқ яратибди. Қўшиқлар асосан рақсга чорловчи ва турли мавзуларни ўз ичига олган. Ватан, ота-она, севги-муҳаббат мавзулари муҳлислар қалбидан жой олса ажаб эмас. 

Анвар Санаев келгуси режалари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига қараганда, баҳор фаслида концерт ўтказишни режалаштиряпти.  Концерт дастури  хонанданинг ижодига хос равишда муҳаббат наволарига бой тарзда ўтиши шубҳасиз.

Ижодкор қўшиқ яратиш билан бир қаторда ажойиб воқеаларнинг гувоҳига ҳам айланяпти. Маълумотларга қараганда,  яқиндагина ўрта ёшли бир инсон хонандани соат эрталабки 5 да қўшиқ ижро этиш учун уйига  таклиф этган.  Анвар Санаев хизматга кечқурун боришини айтсада, у инсон  қўярда қўймай илтимослари билан охири ижодкорни кўндиради. Хонанда айтилган манзилга келишилган вақтда  бордию не кўзлар билан қараса кўп қаватли уйнинг тагида  қўшиқ куйлаши керак экан. Аниқланишича  хонадон эгаси рафиқасини таваллуд топган куни билан табриклаш учун  севимли санъаткорни чақиртирган экан. Хонанда эрталабдан қўшниларни безовта қилишидан ҳижолат бўлган ҳолда,  илтимосларга кўра  иккинчи қаватга қараб  қўшиқ ижро эта бошлабди. Тарона садосидан уйғонган рафиқа деразадан қарабдию пастда турмуш ўртоғини гул кўтариб  турганини, хонанда  қўшиқ ижро этаётганини кўриб, ҳаяжонга тўлибди. Ҳам хаяжон, ҳам бахт, ҳам шодликка тўлган аёлни  умр йўлдоши кўчага чорлаб, тоза ҳавода  эр хотин биргаликда вальс рақсига тушибдилар. Бу воқеани кузатиб, томоша қилиб турган қўшнилар ҳам ҳайрон. Эҳтимол, ўрта ёшли  умр йўлдошларнинг қалби  бу қадар меҳр муҳаббатга тўла эканидан  севиниб, ҳайратга тушгандирлар. Яқин инсонларининг ҳаётини  бахтга тўлдираётганларга тасаннолар айтамиз!  Бунчалар эътибор,  бу қадар эъзоз, бундай меҳрга рўбарў келган  санъаткорнинг дили ажиб туйғуларга тўлиб, кўзларида ёш қалқиди.  Муҳаббатни тараннум этган инсон  ўзи томон шу туйғу билан боғлиқ воқеаларни чорлаган бўлса ажаб эмас. 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol