Муниса Ризаева Малайзияга сафарга отланмоқда

Сана: 29.01.2014 5292

Муниса Ризаева рус тилида янги қўшиқ тайёрлади. Профессионал клипмейкер Рустам Муродов айни вақтда муҳаббат мавзусидаги ушбу таронага сюжет тайёрламоқда.

Муниса Ризаева ўзининг илк яккахон концерт дастурини ўтказишга тайёрланмоқда. Концерт дастурининг аниқ санаси яқин кунларда маълум бўлади. Дастур ҳам Муниса Ризаева ижодига мос ўзгача ташкил этилади деган гаплар бор. Май ойига режалаштирилаётган концерт дастурига ҳали вақт бор. Биз эса ҳонанданинг яқин орадаги режалари билан қизиқдик. 

Яқинда “Ёмғирлар” таронасини тақдим этган Муниса яна янги қўшиқ ёзишга киришди. Тарона эса рус тилида куйланади. Номи ҳозирча сир тутилаётган тарона яқин кунлар ичида “Ўзбегим Таронаси” радиосининг премьера лойиҳасида жаранг сочади. Қўшиққа клип ҳам суратга олиниши режалаштирилган. Қизиқарлиси, клип Ўзбекистонда эмас, Малайзияда суратга олинади.

 

 

“Ёмғирлар” клипини суратга олган профессионал клипмейкер Рустам Муродов рус тилидаги таронага ҳам видео суратга олади. Муҳаббат мавзусидаги таронага айни вақтда режиссёр сюжет тайёрламоқда. “Нега айнан Малайзияни танладингиз, иссиқ ҳарорат ҳукм сураётгани учунми?” деган савол билан ҳонанда маъмурига мурожаат қилганимизда, ушбу сафар давомида Муниса Ризаеванинг дам олиши ҳам режалаштирилаётганлигини билиб қолдик. Тинимсиз меҳнат қилгандан кейин дам олиш ҳам керакку! 17-февральга ўтар кечаси Малайзияга жўнаб кетадиган Муниса Ризаевага 10 кунга мўлжалланган ҳам дам олиш, ҳам ижод сафари кўнгилдагидек ўтишига тилакдошмиз! 

Режиссёр Рустам Муродов билан боғланиб, қўшиқ учун қандай ғоя ўйлаганликлари ҳақида қизиқдик. 

Рустам Муродов:

- Аввало қўшиқ ҳақида тўхталадиган бўлсам, номини ҳозирча айтмайманку-я, лекин рус тилида куйлангани билан тезда мухлислар қалбидан жой олади. Қўшиқ Муниса Ризаевага хос шўх, шарқона оҳангда, ўзига тортадиган матнга эга. Ҳозирча клип экзотикага бой бўлишини айтишим мумкин. Шунингдек, Малайзияда эмас, бошқа бир гўзал масканда суратга олишни режалаштиряпмиз. Муниса Ризаева яна бир янгиликни ҳам тақдим этади. Бу эса ҳозирча сир. 

Кетма-кет тароналар ёзишга ва клиплар суратга олишга бел боғлаган Муниса Ризаева қандай янгиликлар тақдим этаркин? Бу саволга яқин орада жавоб олишга умид қиламиз ва кузатишда давом этамиз! 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol