Шоҳзамон дуэт куйлаш учун нима сабабдан Ёдгор Мирзажоновни танлади

Сана: 08.01.2015 3248

Ёш умидли хонандалар орасида сермаҳсул ижод қилиб, қисқа вақт ичида халқ эътиборига тушаётганлари кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай серғайрат ижодкорлардан бири Шоҳзамон бир неча йиллардан буён ўзи мусиқа басталаб, қўшиқ матни устида ҳам ўзи ишлайди. Шоҳзамон айни кунда Ёдгор Мирзажонов билан биргаликда “Йўлларимиз айро” номли дуэт ижро этди ва уни тез кунларда тингловчилар ҳукмига ҳавола этиш ниятида экан.

Маълум бўлишича, хонанда мазкур қўшиқни бундан бир неча йил илгари тайёрлаган ва уни ижро этиш айрим сабабларга кўра ортга сурилиб келаётган эди. Аслида, Ёдгор Мирзажонов билан умуман бошқа дуэт куйлаш истагида бўлган Шоҳзамон, мазкур қўшиқ ҳақида унутаёзган эди. Студияда ижод қилаётган ёш хонанданинг ижодига қизиққан Ёдгорга Шоҳзамоннинг қўшиқлари орасида “Йўлларимиз айро” таронасини манзур келгани сабаб, айнан шу қўшиқни бирга ижро этиш таклифини киритди.

Шоҳзамоннинг айтишича, мазкур тарона ўзига хос тарихга эга бўлиб, уни хонанда талабалик даврида Жиззаҳдаги уйига қайтаётганида ёзган экан. Хонанданинг ижодида алоҳида аҳамиятга эга бўлган бу таронанинг матн ва мусиқаси ўзига тегишли бўлиб, аранжировкани эса доимий ҳамкори Жамшид Гаффаров амалга оширган. Шу ўринда айтиб ўтишимиз лозимки, хонанда у билан бирга дуэт куйлаш таклифига розилик билдирган Ёдгор Мирзажоновга алоҳида миннатдорчилик билдиради. Чунки ҳар қандай ёш хонанда учун бундай ҳамкорлик яхши самара бериши билан бирга ижодга нисбатан иштиёқини янада ошишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари ёш ижодкор яна иккита қўшиқ устида ишламоқда. Булардан бири “Ниҳол” мукофоти совриндорларидан бири билан бирга дуэт тарзда куйланади. Дуэтдошнинг ким экани ҳозирча сир тутилмоқда. Аммо, тез кунда барчаси аён бўлади ва янги қўшиқлар бирин-кетин “Ўзбегим таронаси” радиоси орқали премьера этилади. Ўтказиб юборманг.   

 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol