Саида Раметованинг Янги йил режалари

Сана: 11.01.2014 5848

Қайноналар ролини маҳорат билан ижро этадиган устоз санъаткор Саида Раметова Янги йилни доимгидек ижодий фаолият билан бошлади. 

Айни кунларда Шавкат Жунайдуллаевнинг “Аммажон” фильмида бош қаҳрамон амманинг ролини ижро этмоқдалар.

Саида Раметова:

 

- “Агар келса аммаси, битар ишнинг ҳаммаси” ёки “Амма келди ҳамма келди” деган мақоллар бежизга айтилмаган. Ушбу фильмда оилада амманинг роли қанчалар катта аҳамиятга эга эканини яққол ҳис этишингиз мумкин. Жуда меҳрибон инсон образини яратдим. Тўғриси, қаҳрамоним билан ўхшаш томонларимиз кўп. Мен ҳам у каби ҳаётда ҳеч тиниб тинчимиман, қўлимдан келса одамларга ёрдам бераман, бирор масалаларни ечимини топишга ҳаракат қиламан. Менга бу роль жуда мақул келди. Эндигина 10 қисм суратга олинди, ҳали яна 20 таси бор. “Аммажон” кўп қисмли бадиий фильми шу йил томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

 

Кириб келган От йилини меҳнат, ютуқлар, юқори мартабалар йили дейдилар. Қарангки мазкур йил Саида Раметовага яна бир неча таклифларни олиб келди.

 

Саида Раметова:

 

- Янги йил мен учун жуда омадли келди. Сабаби, ўзим орзу қилган образни яратиш тараддудидаман. “Тақдир” номли фильмда Зебо исмли қаҳрамонинг ролини ижро этаман. У ҳаёт йўлида адашган она. Сценарийни ўқиб чиқиб роса йиғлабман-да. Кўзларим ишиб кетибди. Менимча ҳар бир инсон бу дунёда қилган барча гуноҳи учун албатта жавоб беради. Фильмда шунинг исботини кўришингиз мумкин. Дарвоқе, мазкур фильм “Соғлом бола” йилига бағишланган.

 

Биз устоз санъаткоримизнинг бу йилги режалари билан ҳам қизиқдик. Билишимизча, ўзлари меҳнат фаолиятини юритаётган “Миллий” тетридан 1 йиллик таътил олган эканлар. Нима учун?

Саида Раметова:

 

- Тўғри, Миллий театридан бир йилга таътил олдим. Сабаби, шу вақт давомида Вилоятлардаги театрларда роль ўйнамоқчиман.

 

Бошқа театр жамоалари билан ҳам роль ижро этиш яхши-да. Шунингдек, бир-биримиз билан тажриба алмашамиз. Умуман, муҳлисларни хушнуд этишни ният қилдим. Аввало Муқимий ва Аброр Хидоятов театрларидан бошламоқчиман.

 

Саида Раметованинг оиласида ҳам янгиликлар кутилаётган экан. Янги йил ижодкор хонадонига қандай янгиликлар олиб кирар экан?

Саида Раметова:

 

- Шу кунларда келиним фарзанд кўриши керак. Янги меҳмонни жону дилим билан кутяпман. Набираларим 8-10 ёш. Қанча вақт чақалоқ кўрмадик. Хидларини, овозларини жуда соғинибман. Мен роса 13 рақамини яхши кўраман. Шу куни хушхабар келсин дедим(кулиб). Аввало қайси кунда туғилса ҳам соғ-саломат дунёга келсин! От йилида ҳамда “Соғлом бола” йилида уйимизга янги меҳмон келишидан жуда ҳурсандман. Шунингдек, ўғлим Азизжонни ҳам шу йил уйлантирмоқчиман. У ҳозир ўзини режиссёрликда ҳам синаб кўряпти. Фикримча ҳозирги кунда эркак киши кўпгина ҳунарни эгаллаши керак. Ха, йигит кишига минг хунар, қизларга 100 хунар оз, деган бўлардим. Ўғлим ҳаракат қилишини, ўзининг янги қирраларини кашф этишини, ўзига янада ишонишини истайман. Фарзандларимга доимо “Меҳнат қил, ҳалол бўл шунда кам бўлмайсан”,- дейман.

 

Устоз санъаткор Саида Раметова билан суҳбатда бўлиб кўнглимиз янада кўтарилди. Бу инсон нафақат фильмлар орқали, балки реал ҳаётда ҳам биргина сўзлари билан одамларга шодлик улаша оладилар.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol