“Катта ҳовли” мусиқали комедия фильми премьераси олдидан ижодкорлар билан эксклюзив интервью

Сана: 08.11.2014 6571

Сайтимиз орқали ''Катта ховли'' деб номланган мусиқали комедия ҳақида маълумотлар бериб борилаётганидан ҳабарингиз бор. Премьера яқинлашгани сари томошабинларда фильмга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда десак муболаға бўлмайди. Шу сабабли премьера олдидан ''Ўзбегим таронаси'' радиосида мазкур картинанинг бош продюсери, сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёри Нилуфар Иброҳимҳўжаева билан эксклюзив интервью уюштирилди.

Меҳмон билан радиобошловчи Жамшид Ҳожиниёзов қизғин ижодий суҳбат олиб бориб, фильмда суратга тушган актёрлардан тортиб тасвирга олиш жараёнидаги қийинчиликларгача сўради. 

 

Нилуфар Иброҳимҳўжаева бундан аввал катта телелойиҳа ва бир неча кинофильмлар сценарий муаллифи сифатида ишлагани, аммо катта фильмдаги илк режиссёрлик иши эканини айтиб ўтди. ''Катта ҳовли'' мусиқали фильмида  тўқсонга яқин персонажлар бўлиб, фильмда таниқли актёр ва ҳонандалардан тортиб эндигина суратга тушаётган янги чеҳраларни ҳам кўришингиз мумкин. Асосан қишлоқ ҳаётини акс эттирган, ўзбек ҳалқининг самимий ва беғубор қалби ва соддадиллигини кўрсатувчи мазкур картина орқали юртимиздаги ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари ҳам ёритилади. Картина мусиқали комедия жанрида эканини алоҳида таъкидлаш жоиз, сабаби фильмда миллий қўшиқларимиз янгича талқинда янграйди. Бу эса ёшларимизга мумтоз куй-қўшиқларимизни сингдиришга ҳизмат қилади.

 

Бошловчи Жамшид Ҳожиниёзов тасвирга олиш жараёнларида учраган мураккабликлар ҳакқда сўраганида режиссёр:

- Бир кунда уч ёки туртта эпизодларни суратга олган вақтларимиз бўлди. Эрта тонгда олинадиган эпизод Суқоқда, тушдагиси Ғазалкентда, кечкурунгиси Паркентда ва эртаси саҳарда Ҳумсонда бўлишимиз керак. Ижодий гурухимиз ўттиз кишидан ортиқ, қолаверса техника воситалари, реквезитлар ва либослар билан у ердан бу ерга кўчиб бориб тасвирга олишнинг ўзига яраша машаққатлари бўлди. Лекин, ҳамма нарса тайин этилган, вақт оз, қолаверса, кейинги объектда бошқа актёрлар бизни кутиб тургани сабабли, ўша вақтда бу кийинчиликлар ҳақида ўйламаганмиз. Фильм яратилишининг энг асосий мақсади миллий қадриятларимиз ҳамда мумтоз мусиқамизни тарғиб этиш ва барча машхур актёрлар қатори анчадан буён кўринмаётган актёрларни экранга қайтариш, қолаверса юртимизнинг гўзал қишлоқлари-ю, сўлим гўшаларига назар ташлашдан иборат эди. Буни қай даражада кўрсата олдик, фильм томошасидан сўнг маълум бўлади.

''Катта ҳовли'' мусиқали комедиясида актёр ва санъаткорлардан: Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Машхурбек Раимжонов, ''Элдидо'' гурухи, Фарход Абдуллаев, Толиб Ҳожиев, Эркин Комилов, Тўҳтамурод Азизов, Ўткир Муҳаммаджонов, Абдураим Абдуваҳобов, Акбархўжа Расулов, Шухрат Нуралиев, Нозим Тўлахўжаев, Гулҳумор Абдуллаева, Муқаддас Саъдуллаева, Гулчеҳра Носирова ва бир нечта машҳур актёрлар катта-кичик роллар ижро этишган.

18 ноябрь куни ''Катта ховли'' мусиқали фильми премьерасида ижодкорлар билан яна бир бор кўришамиз, бир йула фильм томошаси ва таъссуротлар билан биргаликда бўлишамиз.

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol