Ҳаётий воқеаларга асосланган “Ёлғон дунё” ўткир сюжетли фильм. Тез кунда... шаҳримиз кинотеатрларида

Сана: 31.10.2014 7126

Ёшларнинг севимли хонандалари Отабек Муталхўжаев ҳамда Каниза янги фильмда бирга суратга тушаётганлари ҳақида сайтимиз орқали хабар бериб ўтилганди.Декабрь ойида катта экранларга чиқиши режалаштирилган “Ёлғон дунё” кинофильми ёш режиссёр Равшан Усмоновнинг илк катта лойиҳасидир.

 

 Бир нечта фильмларда иккинчи режиссёр сифатида фаолият юритган Равшан Усмонов янги фильм учун ўзи сценарий ёзган.  “Ёлғон дунё” ўткир сюжетли драма жанрида суратга олинган бўлиб, фильм ҳаётий воқеаларга асосланган ҳолда яратилган. 

 

Фильмда бир қатор таниқли актёрлар ансамбли жамланган бўлиб, жумладан Теша Мўминов, Ботир Муҳаммаджонов, Хожакбар Комилов, Мирза Азизов каби эл суйган актёрлар иштрок этишган. Ёш ижодкорлардан эса хонандалик ва актёрлик борасида ўз истеъдодини намойиш этиб улгурган Отабек Муталхўжаев, Каниза ҳамда ёш актриса Саида Саидбекова бош ролларни ижро этишган. 

 

Фильмни таниқли оператор Баҳром Бердиев тасвирга туширган. Суратга олиш ишлари Тошкент шаҳри ва Бекобод туманларида олиб борилган. 

Бош қаҳрамон Ёдгор (Отабек Муталхўжаев) болалигидан қийинчиликда ўсади, ҳаёти давомида анча машаққатларга дуч келади. Бироқ, у ўзининг қалби тозалиги, қолаверса орзулари йўлида интилиши билан ўз мақсадларига эришади. Ана шундай ҳаёт зарбаларига қарши курашган йигит ва унинг соф муҳаббати ҳақида ҳикоя қилувчи кинофильмнинг ёшларга сабоқ бўладиган жиҳатлари кўп.  

 

Айтиб ўтишимиз лозим, “Ёлғон дунё” драма фильмида таниқли санъаткор Юлдуз Усмонованинг “Дунё” қўшиғи саундтрек сифатида янграйди. 

Сценарий муаллифи ва режиссёр Равшан Усмонов:

- Саундтрек учун Юлдуз Усмонованинг “Дунё” қўшиғини танлаганимда, аввало уларга сценарийни тақдим этдим. Ўқиб чиққанларидан сўнг манзур бўлгани учун розилик билдирдилар ва мен бундан жуда ҳурсанд бўлдим. Фильм ҳақида айтадиган бўлсам, унга энг холис баҳони томошабинлар беради. Катта умидлар билан яратган фильмимиз тарбиявий жиҳатдан аҳамиятли бўлиб, ўз томошабинини топса, биз олдимизга қўйган олий мақсадимизга эришган бўламиз.

 

Айни кунларда овозлаштириш жараёнлари кетаётган мазкур фильм ва унда иштрок этган актёрлар ҳақида яна хабар берамиз. Кузатиб боринг ва бош рол қаҳрамонлари билан интервьюни сайтимиз орқали кутиб қолинг.  

 

 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol