Дилноза Кубаева ҳаётидан бир парча.

Сана: 28.01.2014 11344

Дилноза Кубаевани кўпгина оммалашган фильмларнинг қаҳрамони, таниқли санъаткор дея таърифлаймиз. Унинг яна қандай биз билмаган қирралари борлигини, фикри, ниятларини, шахсий ҳаётини билиш мақсадида ижодкор билан суҳбатга киришдик.

Ширин муомалали, қувноқ актриса бизнинг саволларимизга ўз феълига хас тарзда табассум билан жавоб берди. 

Popcorn.uz: Дилноза айни кунларда нималар билан банд эканингизни гапириб берсангиз.

Дилноза Кубаева: Яқиндагина қалами ўткир ижодкор  Мурод Муҳаммаддўст сценарийси асосида суратга олинган “Зиё” фильмида бош қаҳрамон хонанда Зиёданинг ролини ижро этдим.  Фильмда турли хил қийинчиликларга дуч келган, ҳаёт синовлари олдида танг аҳволда қолган аёл образини яратишга қўлдан келганча ҳаракат қилдим. Хонандалар ҳаётининг  нафақат гўзал томонлари бор, балки ўзига яраша мушкулотлари мавжудлигини кўриш мумкин.  

Popcorn.uz: Бундай ролни ижро этиш  сизда қийинчилик туғдирмадими? Ахир фильм шифохона, қамоқхоналардаги воқеларини  ўз ичига олган.

Д.К.: Тўғри инсон руҳиятига таъсир кўрсатадиган жойлар эди. Бироқ касбий маҳоратимни ишга солиб, янги образни яратдим.  Фақат тасвирга олиш жараёни қиш мавсумига тўғри келгани сабабли озгина зах жойларда қолиб кетдик, қорнимиз ҳам оч қолган кунлар бўлди. Суратга тушириш тугаганида эса ҳаммамизнинг елкамиздан тоғ ағдарилиб тушгандай бўлди. Олдинда овозлаштириш жараёни, у ҳам тугаса фильм  томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. 

Popcorn.uz: Бирор фильмда роль ижро этишингиз учун сиз кўпроқ нималарга эътибор берасиз?

Д.К.: Агарда қаҳрамонниннг феъл атвори менга ёқмаса, кўнглимга мақул келмаса, албатта ҳеч кимнинг дилини оғритмаган ҳолда рад жавобини бераман. Аммо театрда қандай роль ижро этиш керак  бўлса, тайёрман. Танламайман.  Чунки театр билан кинонинг ўртасида фарқ бор. Мен ҳозирги кунда  Ўзбек Миллий Академик Драма театрида ижодий фаолиятимни олиб боряпман. Долзарб мавзуларга саҳналаштирилган спектаклларни томошабинларга тақдим этиш учун юртимиз бўйлаб гостороль сафарларига бориб турамиз.

Popcorn.uz: Ишларингиз жуда кўп экан ўғлингизга ҳам вақт ажрата оласизми?

Д.К.: Тўғри ишларим кўпайиб кетади, лекин  Муҳаммадаминнинг тарбияси билан шуғулланиш энг биринчи вазифаларимдан бири.  Ижод билан банд бўлганимда фарзандим онам билан қолади. Фарзандимга кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Унинг ҳар бир сўзига, ҳаракатига эътибор бераман. Мен қаттиққўл она бўлсам керак деб ўйлагандим, йўқ, бунинг акси бўлиб чиқди.  Фарзандим ҳозир беш ёшда. У “Тантана” ашула ва рақс ансамблига қатнайди. Яқинда уни телевизорда кўриб, ғурурланиб кетдим.  Муҳаммадаминнинг  ютуғидан жуда ҳурсанд бўлдим. Шунингдек,тарбия жараёнида боланинг ёнида ҳамма гапни гапиравериш мумкин эмаслигини тушуниб етдим. Умуман олганда, фарзанд тарбияси жуда масуълиятли иш экан. Боланинг ортидан раҳмат ҳам, норозилик ҳам тарбия қилган онасига, бувиларига, яқинларига  етиб келавераркан.

Popcorn.uz: Яқин орада турмуш қуриш ниятингиз борми?

Д.К.: Йўқ...бу ҳақида ўйламадим.

Popcorn.uz: Янги 2014 йилни қандай кутиб олдингиз?

Д.К.: Тўғриси  янги йилни жуда ўзгача кўтаринки кайфиятда кутиб олдим. Ҳаётимда шодлик кўпайишини, оилам янада ҳурсандчиликка тўлишини кўнглим сезяпти. Нима ният қилсанг ўша ижобат бўлади,  дейдилар. Шунинг учун эзгу ниятлар билан, ишонч билан кутиб олдим. Янги қирраларимни кашф этаман, янги фильмларда роль ижро этаман. Шу билан бирга укаларимнинг тўйи бўлиши кутиляпти, хуллас, кетма-кет яхши воқе-ҳодислар рўй беришига ишончим комил.

Popcorn.uz: Дилноза Кубаева билан суҳбатлашсангиз кайфиятингиз янада кўтарилади, дилингиз ёришади. Санъаткорга ўзи каби ёруғ ҳаёт тилаб қоламиз.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol